Бугун раҳматли онам Инобат Даврон қизи ҳаёт бўлганларида 87 ёшни қаршилаган бўлардилар. Меҳрибон Оллоҳ ОНАмизни раҳмату мағфират айласин омин!

Онамга бағишланган шеърларим

Наманган соғинчи


Наманган, қайдасан боргим келодир,
Олма, ўригингни тергим келодир.
Олма, ўригинни кўзимга суртиб
Давру давронимни сургим келодир.


Наманган, гулларга тўлган диёрсан
Азалдан севимли бўлган диёрсан.
Бобомнинг армони менга ҳам ёрсан
Боғингдан гулларинг тергим келодир.


Наманган, сойларинг сувларга тўлди
Сув эмас сой тўла кўз ёшлар бўлди.
Юрак тўла соғинч, армонлар қолди,
Армоним дунёга ёйгим келодир.


Наманган, эврилиб нурга замонлар,
Кўркингдан яшнагай давру давронлар.
Мен ҳам ошиб бир кун тоғу довонлар
Бағрингда бир умр қолгим келодир.


2001.

Онам хотирасигаЭрта баҳор.


Қошингга келдим.
Майсаларни оралаб ўтиб.
Хазон босган юрагим билан
Манзилингга келдим мен етиб.



“Она” дейиш нақадар оғир,
Совуқ, қора қабрга боқиб.
Кўзларимдан ёшларим оқар
Ўт- ўланга, бағримни ёқиб.



Тақдирнинг тор кўчаларида
Она, сенсиз бўлдим оввора.
Кўзларимга дунё қоронғу,
Баҳор келди, аммо дил – пора.



Она ҳали Боғбон* қирлари
Яшилликдан киймади либос.
Сайраган йўқ қушлар ҳам ҳануз,
Гўё баҳор энди бахт эмас.



Кўнглим ўксиб бўзлагим келар,
Уввос солиб, дардимни айтиб.
Мўъжиза юз берсайди кошки,
Кошки, она, келсайдинг қайтиб?!.



Сенсиз ёлғиз қолдим, мунғайиб,
Бошимни- да силамас ҳеч ким.
Ўтиб кетар бўлсам дунёдан
“Болам” – дея йиғламас ҳеч ким.


Hasan Xolmirza Goyib

www.kafiye.net