УСТОЗЛАР СУҲБАТИДА

“Сен азиз зотлардан ёдгорсан.

Хотира, хотира, хотира…”

Абдулла Орипов.



Ҳаётим давомида болалигимдан шеърларини севиб ӯқиган ва ҳавас қилган улуғ шоирлар билан учрашиш менга насиб этди.

2008 йилда “Уйингдаги бешиклар”, “Устимиздан ўтган ойлар” каби китоблар муаллифи, Ӯзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг таклифига биноан Сариосиёга бордим.

Тошкентдан ўзбек адиблари Сурхондарё вилоятига ижодий сафарга келишган экан. Сариосиёдаги учрашув Сирожиддин аканинг 50-йиллик юбилейига бағишланган экан. Сирожиддин акага Тошкентда ўтган ижодий кечада Абдуваҳоб Тошматов ижро этган “Ватан обод” ва “Тасанно” қўшиқлар маъқул бўлиб қолган, ва ҳофиздан “Ҳасанбойни бирга олиб келинг” деб қаттиқ тайинлаган эканлар.

Даврага кириб борганимизда Сирожиддин аканинг ўзлари бизни қарши олдилар.

Устознинг укалари Фурқат ака бизлар билан бир дастурхонда ўтирдилар.

Сирожиддин ака Абдуваҳоб акани даврага таклиф этди ва : “Ватан обод”ни куйлаб беринг” дея илтимос қилди.

Ҳофиз ҳам “Ватан обод” ва “Тасанно” қўшиқларини ижро этдилар ва даврадаги меҳмонларнинг олқишига сазовор бўлди. Шоирнинг ижодий кечасида Ӯзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов, Усмон Азим, шоир Рустам Мусурмон, устоз Аҳмаджон Мелибоев, Ӯзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамовлар билан танишдим. Ушбу лаҳзалар хотирамнинг ям-яшил оламида сақланиб келади. Айниқса болалигимдан шеърларини севиб мутолаа қилганим, устоз Абдулла Орипов ва Усмон Азимлар билан учрашув менинг энг катта орзум эди.

Фойега чиққанимизда устоз Усмон Азим билан суҳбатлашдик. У киши адабий алоқаларимиз узилиб қолганлигидан афсусланиб гапирдилар.

Устоз ёнимизга яқинлашган ёзувчи Эркин Аъзамовга: « Бу йигитлар шоирлар» деб таништирганида, Эркин ака «Э, ҳали сизлар ҳам шоирмисизлар? Мен сизларни туппа-тузук одамлар дебман» -дея ҳазил-мутойиба қилди.

Ўша даврада шоир Маҳмуд Тойирга сўз берилди. У киши жуда самимий ва дилбар шеърлар ўқидилар. Даврадагилар шунчалар қойил бўлишдики, шоирни иккинчи марта даврага таклиф қилишди.

-“Усмон ака нега сиз шеър ўқимадингиз?”- деган саволимга у киши: «Биз кеча Термиз шаҳрида шеър ўқидик. Бугун бошқалар ўқишади» деб жавоб бердилар.

Давра тугамасдан олдинроқ, Абдулла ака бир нечта меҳмонлар билан чиқиб кета бошладилар. Мен Сирожиддин аканинг олдига бориб: «Сирожиддин ака, Абдулла акани зиёрат қилмоқчи эдик» дедим. У киши менинг қўлимдан ушлаб «Абдулла ака, бу шогирдларимиз Ҳиротдан келишибди, сизни зиёрат қилгани» дегандилар, Абдулла акани ўраб олган барча кишилар ўзларини четга олишди. Биз Абдулла ака билан бағирлашиб кўришдик.

Ўша куни Абдуваҳоб аканинг қудасиининг уйида меҳмон бўлгач, эртасига Сирожиддин акаларнинг уйларига бордик. Муҳтарам оналарини зиёрат қилиб, дуосини олдик.

У киши устозларини кузатгани Термизга кетган эканлар, телефонда: «Соат иккиларга етиб бораман, кутиб туринглар» – дейишларига қарамай, Абдуваҳоб ака, «Помирга кетишим керак» деганлари учун Регарга қайтиб кетдик.

Регарга қайтар эканмиз мендан бахтли одам йўқ эди. Чунки ёшлигимда Абдулла Ориповни тушимда кўрган эдим.

Хозир ҳам ушбу сатрларни қоралаб ўтирар эканман, устознинг “Йиллар армони”


шеъри беихтиёр ёдимга тушмоқда:


Кимгадир яхши гап айтдик, биродар,
Кимдир бир умрга ранжиб ҳам кетди.

Кун кеча ёш дердик ўзни бир қадар,
Бугун-чи, балоғат пайти ҳам етди.


Инсон ўз умрини ўйласа кўп вақт
Қийнайди ўзидан ўтган қусурлар.
Кимгадир айтилмай қолган бир раҳмат,
Кимдандир сўролмай қолган узрлар.


Мукаммал кўрмоқчи бўлдик дунёни,
Етук бўлолмадик ўзимиз бироқ.
О, йиллар армони, йиллар армони,
Армон кўрмадим мен сиздан буюкроқ.


Инсонга тобемас замон, инчунин,
Инсон юрагида аламлар қат-қат.
Фақат бир таскин бор, барчаси учун
Афсус чека билсанг-шу ҳам бир давлат.


Абдулла Орипов инсон руҳиятининг моҳир мусаввири, ярим аср давомида ёшлар зеҳниятига таъсири кучли бўлган ўзбекнинг энг миллий ва машҳур шоири эди.

Устознинг “Она тилимга”, “Ўзбекистон”, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”,“Юртим шамоли”, “Қарши қўшиғи” каби шеърлари ўзбек юртига, миллатига қўйилган ҳайкал бўлса, “Қозоғистон”, “Қирғиз диёри”, “Арманистон”, “Тунислик бола”, “Озарбайжон”, “Музаффар ўлка”, “Некрасов хҳсрати” каби шеърлари, “Ўзбегим тожик билан” ғазали ўзбек халқининг дунё халқларига нисбатан ҳурмат-эҳтиромини акс эттирувчи энг гўзал ва бетакрор ижод намуналаридан саналади.

Худди шундай таърифни устознинг бошқа мавзудаги шеърлари хусусида ҳам айтиш мумкин.

Устоз Абдулла Орипов аруз вазнида ҳам оз бўлса – да соз ва гўзал ғазаллар иншо этган. Устознинг ғазаллари Эркин Воҳидов, Жамол Камол ва Ўлмас Жамол ғазаллари сингари ўзбек мумтоз шеъриятининг дурдоналари сирасига киради.



Hasan Xolmirza Goyib “Ишончу меҳрдан устувор дунё”.
www.kafiye.net