РАМАЗОН ШУКРОНАСИ



Гўзал, ойдин кунлар бошланди

Тақдиримнинг ҳисоб хатида.

Кечмоқдадир ҳар бир дақиқам

Яратганнинг ибодатида.


Ӯтказишга қилгум ҳаракат

Тунни тасбеҳ, саловат билан.

Қалблар ором топади фақат,

Иймон нури – ҳаловат билан.


Кушлар ҳаққа тасбеҳ айтишиб

Бомдод вақтин ёдга солади.

Тонг чоғида эсган насимдан

Бор вужудим қувват олади.


Иш пайтида очиқ юз билан

Мижозларни қиламан қабул.

«Чиройли сўз садақа», деган

Ҳадис менга келмоқдадир қўл.


Пешин вақти қиёмда туриб

Яратганга қилгум шукрона.

Асргача юрагим интиқ,

Андишада юраман яна.


Зикр билан, истиғфор билан

Шом келганин сезмай қоламан.

Хурмо билан рўзамни очиб,

Шом намозин ўқиб оламан.


Барокотли ойдир Рамазон-

Дастурхон пур нозу неъматга.

Ҳа деганда янграгай азон

Чорлаб кечки тоат-салотга.


Масжид ичра – Оллоҳ уйида

Саф тортади мўмину мискин.

Жаранглайди гўзал оятлар

Қалблар топар тасалли, таскин.


Илтижоли нидо, тасбеҳлар

Кўнгилларни муздай эритар.

Бандаларнинг муножотини

Фаришталар Ҳақ сори элтар.


1438-йил, Рамазоннинг 16-куни, (11.06.2017йил).

Hasan Xolmirza Goyib

www.kafiye.net