ЎЗБЕК ТИЛИМ


Туркий тиллар гултожи ўзбек тилим,
Гул кўнглимнинг меърожи ўзбек тилим.
Олам ичра оламдир инсон қалби,
Қалбимдаги сирожим ўзбек тилим!



Ўз овозим, созимда куйлаш учун
Бор сенга эҳтиёжим ўзбек тилим.
Икки жаҳон мулкидан азиз билдим,
Тенгсиз дуру хирожим ўзбек тилим!



ШОИРЛИК


Шоирликни маддоҳлик билиб,
Қалам тутган булҳаваслар кўп.
Топган сўзни қофия қилиб,
Мадҳиялар ёзишар тўп-тўп.



Англолмаслар, шоирлик асли,
Худо берган дарддир, жабрдир.
У тамаъга бўлмагай таслим,
Шоир қалби улкан қабрдир.



Фақат ёниб битса ярашар,
Она юртни куйлаб қасида.
Шоир тамъа либосин ташлар,
Шеъриятнинг бўсағасида.



АРАФА КУНЛАРИ


Арафа кунлари муҳаббат билан
Кўнгил эшикларин очиб қўйинг ланг.
Кимнингдир дилини оғритиб билмай,
Кимгадир яхшилик қилгансиз, эсланг.



Арафа кунлари меҳрингиз дўстлар
Асло дариғ тутманг бир-бирингиздан.
Токи яхшиликнинг гул, чечаклари
Яшнаб униб чиқсин дил тўрингиздан.



ГУЛЛАР ТАБАССУМИ


Гуллар табассумин сиз кўрганмисиз?
Чиройли табассум ќилади гуллар.
Улар суҳбатида ҳеч бўлганмисиз-
Кулганда юракдан кулади гуллар!



Гуллар табассумин сиз кўрганмисиз?-
Инсонга яхшилик тилайди улар.
Бахш этар эзгулик, бахш этар шодлик
Шундан яйраб-яшнаб унади гуллар!


Гуллар табассумин сиз кўрганмисиз?
Самимий табассум қилади гуллар.
Сохталикни билмас, ёлғондан кулмас-
Ёлғон табассумдан сўлади гуллар!



ТУМОР


Олисларга кетиб қолган ҳумо қушим
Сизнинг бирла учиб кетди ақлу ҳушим
Умрлик ёр атаганим ширин тушим,
Севгимизнинг чинлигини билиб ќўйинг,
Чимилдиққа ундан тумор илиб қўйинг.



Минг тасаддуқ ишққа содиқ қолганларга.
Жазо бордир муҳаббатдан тонганларга.
Аҳд паймонлар айландиму ёлғонларга?
Севгимизнинг чинлигини билиб қўйинг,
Чимилдиққа ундан тумор илиб қўйинг.



Гарчи сизни мос кўрмади менга тақдир,
Бахтим қаро бўлса ҳамки кўнглим оқдир.
Унинг бир ла бирга яшаб бўлинг бахтли,
Севгимизнинг чинлигини билиб ќўйинг,
Чимилдиққа ундан тумор илиб қўйинг.



***


Кунлар ӯтаётир йиллларга менгзаб
Сенсиз… ёлғизликнинг қийноғларида.
Бирга юрганингда умримни безаб
Юрардим меҳрингнинг ардоғларида.
Кунлар ӯтаётир юракни эзиб
На бир сирдошим бор, на бир ҳамроҳим.



Орзу хаёлларим шамолдай тӯзиб
Сени ахтараман Нигорим-Моҳим!
Кунлар ўтаётир… мен ҳамон ёлғиз.
Жуфтини йўқотган шер каби хорман.
Сенсиз мен ҳеч кимман, сенсиз мен -ожиз,
Йўлини йўқотган ошиғи зорман.
Кунлар ӯтаётир, мен эса ёлғиз…



Ёдингдами


Ёдингдами илк учрашувлар
Ўшал ширин висол онлари.
Яшилликка бурканган олам,
Навбаҳорнинг гўзал шомлари.



Кундузлари офтоб, тунлар ой,
Гувоҳ эди бизларнинг аҳдга.
Оламларга бахш этиб чирой
Бизлар тимсол бўлгандик бахтга.



Самоларда сузган абрлар
Товланарди оппоқ ва мовий.
Ёғар эди майин ёмғирлар,
Томчи – томчи сирли, самовий.



Осмон узра солиб арғимчоқ
Турналар ҳам бизни қутларди.
Қалдирғочлар териб кўзмунчоқ
Бизга бахтнинг қасрин тикларди.



Афсус ўтди умр баҳори
Навбаҳорнинг ёмғири янглиғ.
Дилда қолди севги озори,
Дилда қолди хотира – мунглиғ.



Букун ғамгин боқар борлиқ ҳам,
Офтоб хира, ой эса синган.
Осмондаги булутлар – кулранг,
Мовий рангин унутиб қўйган.



ТАСАННО


Бирлашмаган эл доим хор бўлар, талош бўлар,
Бундай элнинг бағри доғ, кўзларида ёш бўлар.
Бўлар элнинг фарзанди ўн бешида бош бўлар,
Эл дардини тинглаган ўғлонларга тасанно,
Ҳақ йӯлини англаган инсонларга тасанно.



Юз йилда бир дунëга келар эмиш буюк зот,
Адолат бўлган мулкда кӯнгиллар ҳам бўлар шод.
Мардлар йӯлбошчи бўлса, ватан ҳам бўлар обод,
Эл дардини тинглаган ӯғлонларга тасанно,
Ҳақ йӯлини англаган инсонларга тасанно.


Сиз юрган бу тупроқда буюкларнинг изи бор,
Ортингизда миллатнинг минглаб қора кӯзи бор,
Ҳасанбекнинг дилида сизга айтар сӯзи бор,
Эл дардини тинглаган ӯғлонларга тасанно,
Ҳақ йӯлини англаган инсонларга тасанно.



ХУШФЕЪЛЛИК ҲАҚИДА


Қай бир оилада бўлса тотувлик,
Билгинки жаннатдан кошона бўлур.
Аҳиллик бўлмаган хонадон ичра
Дўзах ҳаётидан нишона бўлур.


Аёл эр кўнглининг хуш гули бўлса,
Эр аёл номусин қўриқчисидир.
Хушфеъл инсонларга олқишлар бўлсин,
Хушфеъллик жаннатнинг даракчисидир!



ИШОНЧ


Ишонгин баҳорлар келади,
Бир умр rолмасмиз даштларда.
Севгимиз дарахти унади,
Кўзлардин тўкилган ёшлардан.



Оташин ишқимиз тафтидан,
Ҳижроннинг даштлари ёнади.
Севгимиз дарахти шохига,
Биз кутган бахт қуши қўнади.



Бу қадим бевафо дунёда
Илк бора очилар ишқ гули.
Ошиқлар қўл очар дуога,
Биз бахтли бўламиз севгилим.



ҚАНОАТ ГЎШАСИ


Бизлар бу дунёда меҳмонмиз, ахир,
Омонат берилган бизга жону тан.
Нафснинг тузоғига бўлмасдан асир,
Қаноат гўшасин айлайлик ватан.



Қайга югурамиз, қайга чопамиз,
Ахир, кўнгилдадир Оллоҳ висоли.
Бир дилни шод қилсак, савоб топамиз,
Байтуллоҳни тавоф қилган мисоли.



САЛОМ БЎЛСИН


Дунё нима? Талошли уйми,
Ёки катта бозорми, дунё?
Мард ўлими номардга тўйми?
Яхшиларга озорми, дунё?



Тўғри яшаб юрганингни ҳам,
Кўролмайди бир тўда олчоқ.
Ортингдан тош отиб дам- бадам
Дўстингман деб очади қучоқ.



Бундайларга дилингни берсанг,
Ўт қӯйишар хонумонингга.
Молингни-ку тортиб олишар,
Кўз тикарлар яна жонингга.



Дилни бериб ягона Ёрга,
Ҳақ йўлидан кетмайлик тойиб.
Салом бўлсин содиқ дӯстларга !
Сана. Имзо. Ҳасанбой Ғойиб.

Hasan Xolmirza Goyib
www.kafiye.net