Шоир ва таржимон Ҳасанбой Ғойиб 1968 йилнинг 1 январида Тожикистон Республикаси Регар шаҳрида таваллуд топган.

Алишер Навоий номли 32 ўрта мактабда, Турсунзода шаҳридаги 59 ҳунар – техника билим юртида ва Қозоғистон Политехника институтининг металлургия факултетида “Муҳандис – механик” ихтисоси бўйича таҳсил олган. Ўн икки ёшидан шеър ёза бошлаган. Илк шеъри 1984 йилда “Ленин йўли” газетасида эълон қилинган.

“Руҳим ранглари”, “Уйғониш фасли”, “Кўнглим гуллари”, “Юракнинг маҳзун тунлари”, “Дийдор соғинчи” (таржималар), “Ҳаёт беланчаги” , “Тайна Глубины” ва “Хаёл чечаклари” каби шеърий ва “Мозийга айланган йиллар”, “Аҳиллик ҳам ибодатдир” ва “Аз азал дўсту қадрдон” каби насрий китоблар муаллифи. Шеърлари рус, инглиз, немис, поляк, украин ва ўндан ортиқ турк халқлари тилларига таржима қилинган. Ўзбек, тожик, рус ва немис тилларида шеърий тўпламлари нашр этилган. Халқаро Анжуманларда иштирок этиб диплом ва сертификатлар билан тақдирланган. Рус, тожик, турк, қумиқ, қозоқ шоирларининг шеърларидан намуналар таржима этиб китоб шаклида чоп этган.

Тожикистон Ёзувчилар ва журналистлар Иттифоқи аъзоси, Тожикистон Маданияти ва Матбуоти аълочиси. “Тожик матбуоти 100 йиллиги” ва “Ҳисорнинг 3000 йиллиги” медаллари соҳиби.

“Русиянинг Олтин қалам” мукофоти лауреати.

Россия Федератсияси Ёзувчилар Уюшмасининг Иван Бунин ва Лев Толстой номли адабий мукофотлари соҳиби.

Халқаро “Туран биримдиги – мықты қалемгер”(Қирғизистон), “Халқ дипломати” (Қозоғистон) медаллари ва кўплаб Халқаро ташкилотлар томонидан дипломлар билан мукофотланган.

Касбий фаолиятини Тожик Алюминий заводида челонгарликдан бошлаган. Участка механиги, катта механик, сех бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи вазифаларида ишлаган.

Айни пайтда корхона моддий – техник таъминоти бўлими бошлиғи ўринбосари вазифасида хизмат қилади.

Корхона учун “Тажҳизотларни таъмирлаш тартиби ҳақида Низомнома” ва “Таъмир ишлари давомийлиги, даврийлиги ва меҳнатталаблиги ягона меъёри”-ни қайта ишлаб чиққан.

“Меҳнат ветерани” фахрий нишони билан тақдирланган.

Бир муддат “Ҳидоят” газетасида ўзбек бўлими муҳаррири бўлиб ишлаган.

Айни пайтда Марказий Осиё Адиблар ва тарихчилар Уюшмасининг масъул котиби.


Бунёд этган боғингда


Бунёд этган боғингда яшашни насиб этсин,
Ризқингни ҳалол топиб ошашни насиб этсин.
Катта карвонда юргач, мақсад ҳам катта бўлар,
Азим қир, довонлардан ошишни насиб этсин.



Тожикистон гулбоғим, суянган улуғ тоғим,
Улуғлигингга ҳисса қўшишни насиб этсин!
Ободлигингни истаб заҳмат чекурман тун-кун,
Ақлимга дарё бўлиб тошишни насиб этсин.



Худо азиз этганни ҳеч кимса хор этолмас,
Оллоҳ розилигини топишни насиб этсин.


ЎЗБЕК ТИЛИМ


Туркий тиллар гултожи ўзбек тилим,
Гул кўнглимнинг меърожи ўзбек тилим.
Олам ичра оламдир инсон қалби,
Қалбимдаги сирожим ўзбек тилим!



Ўз овозим, созимда куйлаш учун
Бор сенга эҳтиёжим ўзбек тилим.
Икки жаҳон мулкидан азиз билдим,
Тенгсиз дуру хирожим ўзбек тилим!


ШОИРЛИК


Шоирликни маддоҳлик билиб,
Қалам тутган булҳаваслар кўп.
Топган сўзни қофия қилиб,
Мадҳиялар ёзишар тўп-тўп.



Англолмаслар, шоирлик асли,
Худо берган дарддир, жабрдир.
У тамаъга бўлмагай таслим,
Шоир қалби улкан қабрдир.



Фақат ёниб битса ярашар,
Она юртни куйлаб қасида.
Шоир таъма либосин ташлар,
Шеъриятнинг бўсағасида.



АРАФА КУНЛАРИ


Арафа кунлари муҳаббат билан
Кўнгил эшикларин очиб қўйинг ланг.
Кимнингдир дилини оғритиб билмай,
Кимгадир яхшилик қилгансиз, эсланг.



Арафа кунлари меҳрингиз дўстлар
Асло дариғ тутманг бир-бирингиздан.
Токи яхшиликнинг гул, чечаклари
Яшнаб униб чиқсин дил тўрингиздан.



ЯНГИ ЙИЛ ТИЛАГИ



Умримизнинг дарахтидан чирт узилди,
Яшнаб турган яна битта япроғимиз.
Яратганга шукроналар келтирайлик,
Ҳеч сўнмасин дилда умид чироғимиз.



Тилагим шу: янги йилда барчамиздан
Савоб ишлар ҳамда ширин сўзлар қолсин.
Кексайган чоғ эслаганда армон эмас,
Юракларда эзгуликдан излар қолсин.



ГУЛЛАР ТАБАССУМИ



Гуллар табассумин сиз кўрганмисиз?
Чиройли табассум ќилади гуллар.
Улар суҳбатида ҳеч бўлганмисиз-
Кулганда юракдан кулади гуллар!



Гуллар табассумин сиз кўрганмисиз?-
Инсонга яхшилик тилайди улар.
Бахш этар эзгулик, бахш этар шодлик
Шундан яйраб-яшнаб унади гуллар!



Гуллар табассумин сиз кўрганмисиз?
Самимий табассум қилади гуллар.
Сохталикни билмас, ёлғондан кулмас-
Ёлғон табассумдан сўлади гуллар!



ОНАЛАР БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ

БИЛАН ЁЗИЛГАН ШЕЪР


Онадек вафодор борми дунёда?
Онадек фидокор борми дунёда?
Онадек ватандор борми дунёда?
Онадек Ҳаққа ёр борми дунёда?
Онадек бахтга ёр борми дунёда?


Борлигин бахш этиб фарзанди учун
Унинг камоли деб аямас кучин.
Ранжитса кечирар, олмагай ўчин,
Хақ талаб қилмагай хизмати учун,
Бахтли санамасин ўзини нечун?!



Ундан ўрганайлик вафодорликни,
Ундан ўрганайлик фидокорликни,
Ундан ўрганайлик ватандорликни,
Ундан ўрганайлик Ҳаққа ёрликни,
Ундан ўрганайлик бахтиёрликни!



Кўзимизга суриб хоки пойини,
Уй тўрида тутиб унинг жойини,
Поёндозлар тўшаб атлас, шойини,
Дастурхонга қўйиб ширмой нонини,
«Онажон, сен менинг ягонам» дейлик,
«Дилдаги энг гўзал таронам» дейлик!



Сен борсан дунёда-мен бахтлидирман,
Бошдаги тож ўзинг, мен тахтлидирман!
Сенинг меҳринг ила мен аҳдлидирман,
Дунёда сен ўзинг ягонам,- дейлик,
Дилдаги энг гўзал таронам дейлик,
Онажон, cен менинг ягонам» – дейлик!!!



ТУМОР


Олисларга кетиб қолган ҳумо қушим
Сизнинг бирла учиб кетди ақлу ҳушим
Умрлик ёр атаганим ширин тушим,
Севгимизнинг чинлигини билиб ќўйинг,
Чимилдиққа ундан тумор илиб қўйинг.

Минг тасаддуқ ишққа содиқ қолганларга.
Жазо бордир муҳаббатдан тонганларга.
Аҳд паймонлар айландиму ёлғонларга?
Севгимизнинг чинлигини билиб қўйинг,
Чимилдиққа ундан тумор илиб қўйинг.



Гарчи сизни мос кўрмади менга тақдир,
Бахтим қаро бўлса ҳамки кўнглим оқдир.
Унинг бир ла бирга яшаб бўлинг бахтли,
Севгимизнинг чинлигини билиб ќўйинг,
Чимилдиққа ундан тумор илиб қўйинг.


Ёдингдами



Ёдингдами илк учрашувлар
Ўшал ширин висол онлари.
Яшилликка бурканган олам,
Навбаҳорнинг гўзал шомлари.



Кундузлари офтоб, тунлар ой,
Гувоҳ эди бизларнинг аҳдга.
Оламларга бахш этиб чирой
Бизлар тимсол бўлгандик бахтга.



Самоларда сузган абрлар
Товланарди оппоқ ва мовий.
Ёғар эди майин ёмғирлар,
Томчи – томчи сирли, самовий.



Осмон узра солиб арғимчоқ
Турналар ҳам бизни қутларди.
Қалдирғочлар териб кўзмунчоқ
Бизга бахтнинг қасрин тикларди.



Афсус ўтди умр баҳори
Навбаҳорнинг ёмғири янглиғ.
Дилда қолди севги озори,
Дилда қолди хотира – мунглиғ.



Букун ғамгин боқар борлиқ ҳам,
Офтоб хира, ой эса синган.
Осмондаги булутлар – кулранг,
Мовий рангин унутиб қўйган.



ТАСАННО



Бирлашмаган эл доим хор бўлар, талош бўлар,
Бундай элнинг бағри доғ, кўзларида ёш бўлар.
Бўлар элнинг фарзанди ўн бешида бош бўлар,
Эл дардини тинглаган ўғлонларга тасанно,
Ҳақ йӯлини англаган инсонларга тасанно.



Юз йилда бир дунëга келар эмиш буюк зот,
Адолат бўлган мулкда кӯнгиллар ҳам бўлар шод.
Мардлар йӯлбошчи бўлса, ватан ҳам бўлар обод,
Эл дардини тинглаган ӯғлонларга тасанно,
Ҳақ йӯлини англаган инсонларга тасанно.



Сиз юрган бу тупроқда буюкларнинг изи бор,
Ортингизда миллатнинг минглаб қора кӯзи бор,
Ҳасанбекнинг дилида сизга айтар сӯзи бор,
Эл дардини тинглаган ӯғлонларга тасанно,
Ҳақ йӯлини англаган инсонларга тасанно.



УЛ АЖИБ ДАВРОНЛАР



Райҳону жамбиллар, намозшомгуллар,
Ариқ бўйидаги ялпиз, сумбуллар,
Онам чиройидан ранг олган гуллар,
Отам журъатидан жон олган йиллар,
Ул ажиб давронлар, ул ажиб дамлар,
Қайларда қолдилар, қайга кетдилар?!



Ҳовли четидаги беҳи дарахти



Қуриб қолганми ё мендек карахтми?
Қани оппоқ гулга бурканган бодом?
Қани болалигим эрка ва шодон?
Ул ажиб давронлар, ул ажиб дамлар


Қайларда қолдилар, қайга кетдилар?
Қани опаларим – гулдан-да нозик?
Чиннидек жарангдор шўх, шаън овози?
Қани онажоним – иссиқ нон ёпиб


Отамни кутгани дастурхон ёзиб?!
Ул ажиб давронлар, ул ажиб дамлар
Қайларда қолдилар, қайга кетдилар?
Қани уй томида қизғалдоқ унган?


Шифтида қалдирғоч мудом ин қурган.
Қани ўсмирлигим? Бир қиз ишқида
Супага ағанаб хаёллар сурган?
Ул ажиб давронлар, ул ажиб дамлар


Қайларда қолдилар, қайга кетдилар?
Пахса деворларим бузилиб кетди,
Баланд чинорларим кесилиб кетди.
Жўжабирдай жонни ўстирган мунис


Ота-онам менинг дунёдан ўтди.
Ул ажиб давронлар, ул ажиб дамлар
Қайларда қолдилар, қайга кетдилар?!



ЯХШИЛИК



Жаҳонга келдингми сен меҳмон бўлиб,
Ўшадир иқболинг, ўшадир бахтинг.
Рози бўлса сендан эл кўнгли тўлиб,
Аслида, шу эрур энг баланд тахтинг.



Барча атрофингда бўлса парвона-
«Оллоҳга минг шукр», – пичирлар лабинг.
Йилларни ўйласанг мисли афсона,
Шу қадар тез ўтмиш оқар сув каби.


Аҳли дардлар сендан таскин топсалар,
Мамнун яшасалар ҳаётга қониб.
Исминг эшитганда «Балли» десалар,
Елкадош бўлсалар чорлаган онинг.



Вақтнинг шиддатини эзгулик енгар,
Гарчи умр оти чопишдан толгай.
Асл инсонлардан яхшилик қолур,
Ғойибдан яхшилик бӯлиб шеър қолгай.



ЭРТАНГИ КУН


Эртанги кун тақдир хатида
Не ёзилган менга ноаён.
Лой вужудим салтанатида
Руҳим тинсиз қилар ғалаён.



Кимлигингни англа деб гирён,
Юксакликка мени чорлайди.
Лекин нафсим ошноси- шайтон
Ҳар қадамда йўлим пойлайди.



Икки ўтнинг исканжасида
Мен иккига парчаланаман.
Турган каби жар ёқасида
Изтиробдан лов-лов ёнаман.



Фақат сенга айтгум дардимни,
Танҳо ўзинг энг содиқ ёрим.
Кеч уйғонган ожиз бандангни
Афу этгин, Парвардигорим!



ДУО ҚИЛИНГ АЗИЗЛАР


Бир укамга қарасам ёдимга тушар отам,
Бир укамга қарасам тоғам келар ёдимга.
Онажоним сиймоси пайдо бўлар дам ба дам,
Жиянларим югуриб келар экан олдимга.


Қизимнинг юзларида опамнинг чиройи бор,
Ўғлимнинг келбатида бордир отам суврати.
Кўзларида юлдузи, юзларида ойи бор,
Фарзандларим ҳулқида бордир бобом сийрати.



Инсон яшар абадий авлодлар сиймосида,
Ёди ўчмас дунёда токи унинг насли бор.
Дуо қилинг, азизлар фарзандларнинг ҳаққига,
Барҳаётдир одамзод гар наслининг асли бор.



ХУШФЕЪЛЛИК ҲАҚИДА



Қай бир оилада бўлса тотувлик,
Билгинки жаннатдан кошона бўлур.
Аҳиллик бўлмаган хонадон ичра
Дўзах ҳаётидан нишона бўлур.


Аёл эр кўнглининг хуш гули бўлса,
Эр аёл номусин қўриқчисидир.
Хушфеъл инсонларга олқишлар бўлсин,
Хушфеъллик жаннатнинг даракчисидир!



ИШОНЧ


Ишонгин баҳорлар келади,
Бир умр rолмасмиз даштларда.
Севгимиз дарахти унади,
Кўзлардин тўкилган ёшлардан.



Оташин ишқимиз тафтидан,
Ҳижроннинг даштлари ёнади.
Севгимиз дарахти шохига,
Биз кутган бахт қуши қўнади.




Бу қадим бевафо дунёда
Илк бора очилар ишқ гули.
Ошиқлар қўл очар дуога,
Биз бахтли бўламиз севгилим.


***



Кунлар ӯтаётир йиллларга менгзаб
Сенсиз… ёлғизликнинг қийноғларида.
Бирга юрганингда умримни безаб
Юрардим меҳрингнинг ардоғларида.


Кунлар ӯтаётир юракни эзиб
На бир сирдошим бор, на бир ҳамроҳим.
Орзу хаёлларим шамолдай тӯзиб
Сени ахтараман Нигорим-Моҳим!



Кунлар ўтаётир… мен ҳамон ёлғиз.
Жуфтини йўқотган шер каби хорман.
Сенсиз мен ҳеч кимман, сенсиз мен ожиз
Йўлини йўқотган ошиғи зорман.
Кунлар ӯтаётир, мен эса ёлғиз…



ҚАНОАТ ГЎШАСИ



Бизлар бу дунёда меҳмонмиз, ахир,
Омонат берилган бизга жону тан.
Нафснинг тузоғига бўлмасдан асир,
Қаноат гўшасин айлайлик ватан.


Қайга югурамиз, қайга чопамиз,
Ахир, кўнгилдадир Оллоҳ висоли.
Бир дилни шод қилсак, савоб топамиз,
Байтуллоҳни тавоф қилган мисоли.



ТЎРТЛИКЛАР



Икки эл пайванди – банди гўзалдир,
Ширу шакар тили – қанди гўзалдир.
Жомий, Навоийдек улуғ зотларнинг
Доно насиҳати – панди гўзалдир.

***

Бир ҳовуч эзгулик, бир мисқол меҳр,
Бўлса агар, дилни нурафшон этгай.
Шуъладек бир соғинч уйғонса қалбда,
Бутун борлигингни дурахшон этгай.

***

Ёмғир ёғаётир, уйғон, эй юрак,
Заминга инмоқда неча минг малак.
Ғанимат онларнинг қадрига етгин,
Ижобат бўлғуси ҳар қандай тилак.

***

Одамлар кўнглига кўнгил билан боқ,
Қалбингда эзгулик чироғини ёқ.
Яхшилик соғиниб яшасанг мудом,
Сенга ҳам яхшилик қайтгайдир ҳар чоғ.

***

Туғилмаган яхшидир, ғафлат босиб юргандан,
Севги нима англамай, паймонаси тўлгандан.
Ошиқларга ёр васли насиб айласин, аммо
Кутиб яшаган, яхши, севиб жудо бўлгандан.

***

Бир шеър ёзсам, муҳаббатга тумор бўлса,
Тош диллар ҳам эриб, ишқдан бемор бўлса.
Кўнгилларга малҳам бўлса дуо каби,
Ғойиб кўнгли кеча-кундуз бедор бўлса.

***

Она адирларга менгзар рангимиз,
Гиёҳдек сарғайди юрак-бағримиз.
Гиёҳчалик қадр топмадик юртда,
Хок бўлсак, ошгайдир балки қадримиз.

***

Булбул гул ишқида сайраб йиғлайди,
Шўх одам кулгидан яйраб йиғлайди.
Ёридан айрилган уч кун йиғласа,
Юртидан айрилган ойлаб йиғлайди.

***

Беозор билиб ё билмай йиғлатур,
Дилозор парво ҳам қилмай йиғлатур.
Азадор инсон ҳам тўхтаб йиғлагай,
Она юрт соғинчи тинмай йиғлатур.

***

Замин юзи дастурхони раҳматдир,
Банда учун ҳаёт буюк неъматдир.
Куфронаи неъмат қилса ким агар,
Оқибати қайғу ила ҳасратдир.

***

Одам учун ору номус қимматдир,
Мартабага элтгувчи бу ҳимматдир.
Ўн саккиз минг олам гўзалдир, аммо
Аёл қалби ҳилқат ичра ҳилқатдир.

***

Улуғ тоғлар замин учун савлатдир,
Ою қуёш, юлдузлар ҳам давлатдир.
Ҳақ яратган барча санъатлар ичра
Севги ҳисси энг инжа бир санъатдир.

САЛОМ БЎЛСИН

Дунё нима? Талошли уйми,
Ёки катта бозорми, дунё?
Марднинг марги номардга тўйми?
Яхшиларга озорми, дунё?

Тўғри яшаб юрганингни ҳам,
Кўролмайди бир тўда олчоќ.
Ортингдан тош отиб дам- бадам
Дўстингман деб очади қучоқ.



Бундайларга дилингни берсанг,
Ўт қӯйишар хонумонингга.
Молингни-ку тортиб олишар,
Кўз тикарлар яна жонингга.



Дилни бериб ягона Ёрга,
Ҳақ йўлидан кетмайлик тойиб.
Салом бўлсин содиқ дӯстларга !
Сана. Имзо. Ҳасанбой Ғойиб.

Hasan Xolmirza Goyib
www.kafiye.net