ИБРОҲИМБЕКНИНГ ВАТАНГА ҚАЙТИШИ

Адиб Эшмуҳаммад Донохоновга


Бир ўқ кифоядир қутулмоқ учун
Виждон азобию қайғу, қирондан.
Аммо худкушлик ҳам номардлик эрур
Ватанга қайтмаслик каби Афғондан.


Аму соҳиллари алвон тус олди,
Жангда шаҳид кетган улус қонидан.
Ватан осмони ҳам қуюнга тўлди
Лақай улусининг дод-фиғонидан.


Ё Тангрим, ким деган одамман энди
Ватанни хўрлаган душман олдида.
Мени деб қон тўкди неча минг одам
Қандай номим қолар халқнинг ёдида?!


Ё, Тангрим, сен ўзинг тўғри йўл кўрсат,
Ўзинг мадад бергил содиқ қулингга.
Ай, она элима, мени авф этгин
Нафрат билан боқма содиқ ўғлингга.


Ай, она элима авф айла мени,
Қайтма деб ғов солма менинг йўлимга.
Сенинг номусингни сақламоқ учун
Ўзимни топширгум душман қўлига.


Бир ўқ кифоядир қутулмоқ учун
Виждон азобию қайғу, қирондан.
Аммо худкушлик ҳам қўрқоқлик эрур
Ватанга қайтмаслик каби Афғондан.


Ай, она элима, мени авф айла…

2012 йил


Hasanboy Goyib
www.kafiye.net