АЛЁР



Шукр айтсак арзир эсди эрк шамоли,
Бу шамолдан чирой очди юрт жамоли.
Насиб этди азиз Ватан истиқлоли,
Кўринг Тангри таолонинг ҳимматини,


Юртга ато қилди тинчлик неъматини.
Синовларда ҳеч синмасин бардошимиз,
Кўкда порлаб турсин мудом қуёшимиз.
Қамишдан бел боғлаб кексаю ёшимиз,


Улуғ Тангри аямасин ҳимматини,
Ато қилсин Алпомишнинг қувватини.
Минбарлардан янграб турсин ўзбек номи,
Эллар ичра юксак бўлсин эҳтироми.


Помир каби баланд бўлсин юртнинг томи,
Худо биздан аямасин ҳимматини,
Қайтиб берсин Темурбекнинг шиддатини.
Ким ёмондир эл ёдида доғи қолар,


Яхшиларнинг бунёд қилган боғи қолар,
Ҳасанбекнинг ашъор битган чоғи қолар,
Оллоҳ сира аямасин ҳимматини,
Ёрлақасин ўзбекларнинг давлатини.



Hasan Xolmirza Goyib

2005-2025

www.kafiye.net