БУ ЮРТДА


Бу юртда эрксевар бир эл яшарди,

Ҳуррият шамоли эсган онларда.

Ҳайиқмай хатарли тўсиқ, ғовлардан

Қуллик кишанларин улоқтирганди,

Қўрқмасдан кўзлари қизил ёвлардан.

Ўша интилишлар, ёруғ хаёллар,

Улуғвор мақсадлар, журъат, шижоат,

Наҳотки, йитдилар шамолдек тўзиб?

Ёки шум тузумнинг машъум сояси

Буюк тўлқинларни қўйдими тўсиб?

Наҳот, унут бўлди боболар ёди?

Наҳотки, тарк этди жасорат, имкон?

Наҳот, парвоз этмай синди қаноти?

Наҳот, тикланмагай номус, шараф – шон?

Наҳот, шаҳидларнинг доди, фарёди

Унутилиб кетди беиз, бенишон?

… Йўқ. Йўқ. Бу ғалвали, маккор даврда

Пинҳона курашга ўтиб олган эл,

Ёвларига қарши йиғаётир куч:

Эзгу ғояларни ўз болалари

Онги, шуурига сингдириб буткул,

Ёвлардан беаёв олажакдир ўч!

Жасорат қайтадан туғилажакдир!

2022 йил 19 апрел

* * *

Озод бўлиб яшаш учун қалбимизда

Баъзан етмас журъатимиз, баъзан шуур.

Жумбоқларга тўла ҳаёт мактабида

Биз яшашни ўрганамиз бутун умр.

Руҳимизда жилваланган илоҳий нур

Юксакларга чорлаб турар кўнглимизни.

Лекин маккор рақибимиз шайтон қурғур

Ҳар қадамда пойлаб турар йўлимизни.

2003 йил

ХАЛҚ ШОИРЛАРИГА

1

Азалдан шарафли кордир шоирга

Элнинг бахти учун жондан кечмоқлик.

Мусулмон ўлкада ордир шоирга

Подшоҳлар соғлиги учун ичмоқлик.

2

Иқболи пастликдир, шармандаликдир

Элнинг аҳволидан кўз юмар бўлсак.

Рост сўзни айтиш ҳам бугун мардликдир –

Боқийлик топармиз ҳақ йўлда ўлсак!

3

Токи эл зулмдан қутулмас экан,

Чумчуқюрак экан миллат сорлари.

Онгимизнинг қулфи очилмас экан

Ҳаққа етмас халқнинг оҳу зорлари.

2013 йил

ШОИРЛИК

Шоирликни маддоҳлик билиб,

Қалам тутган булҳаваслар кўп.

Топган сўзни қофия қилиб,

Мадҳиялар ёзишар тўп-тўп.

Англолмаслар, шоирлик асли,

Худо берган дарддир, жабрдир.

У таъмага бўлмагай таслим,

Шоир қалби улкан қабрдир.

Фақат ёниб битса ярашар,

Она юртни куйлаб қасида.

Шоир таъма либосин ташлар,

Шеъриятнинг бўсағасида.

2002 йил 6 апрел

ХАЛҚ

Гарчи шеър олами самовий ҳислар,

Илоҳий туйғулар дунёси эрур.

Менга халқ ҳақида ёзгин десалар,

Исёнли туйғулар қуюлиб келур.

Халқнинг гарданига юклаб тузумни,

Тўралар юраркан кайфини суриб.

Халқининг дардидан қалби эзилиб

Шоирлар жон берар минбарда туриб.

Бағри кенг бу халққа қойил қоласан,

Асло нолимайди, чиқиб майдонга.

Бир бурда нон топса қулдек суюниб,

Шукрона қилади буюк Яздонга.

Қорни оч бўлса ҳам, кўзи тўқ мудом,

Ҳиммату саховат бобо меросдир.

Ўзи емай, ичмай йиллаб қилиб жам

Уч кунлаб тўй қилиб бериши ростдир.

Бундай буюк қалбли элдир ягона,

Буюклиги йиллаб топгандир сайқал.

Унинг меҳнатига, садоқатига,

Фақат шоирлари қўяди ҳайкал!

2002 йил

РАУФ ПАРФИ ВАФОТИГА

Бу юрт бағри ғам – қайғу бори,

Кундузлари фарқ этмас тундан.

Бор эди бир дарвеш шоири,

Бугун қолди айрилиб ундан.

Етти қават ер борар захлаб,

Осмон тинмай тўкар ёшини.

Шоирини севган дарахтлар,

Яшар мангу эгиб бошини.

Дилга жойлаб Ватан ёдини,

Озодликнинг тимсоли сўнди.

Куйлармикан элнинг дардини

Бирор шоир унингдек энди.

Шоирлик қисматдир, касб эмас,

Дард, алам бор ҳар бир ҳарфида.

Самолардан турналар, ҳатто

Видо айтар Рауф Парфига!

2005 йил 10 апрел

ШАВКАТ РАҲМОН ХОТИРАСИГА

Муқаддас айлаган Худо бу ерни,

Бу ерда улуғлар арвоҳи кезар.

Эрк қуши бойланган пўлат занжирни,

Қилич узолмаса, ўткир сўз кесар.

Зулфиқор руҳ билан яшадингиз, сиз,

Мудом дилга тугиб, ёруғ ниятни.

Ҳатто, сўнгги йўлга кетар экансиз,

Уйғотиб кетдингиз буюк миллатни.

2002 йил 23 январ

АСҚАР МАҲКАМ ХОТИРАСИГА

Ваҳдат водийсини тутди ҳазин куй,

Кофарниҳон оқди сокин, беисён.

Унинг соҳилига қайтди ушбу кун,

Бағри дарё шоир – муборак инсон.

Руҳим ором топди сўнги нафасда

Омонат вужудин берди тупроққа.

Қутулди меҳрсиз бу тош қафасдан,

Озодликка чиқди, қовушди Ҳаққа.

2007 йил 13 март


Hasan Xolmirza Goyib
www.kafiye.net