МИЛСИЗ СОАТ

(Ҳикоя)

Рус тилидан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси

Икки – уч эмас, юзлаб кетма-кет гумбурлаб отилаётган тўплар, жаннатий боғларни дўзахга, тартибни тартибсизликка, ҳаётни эса ўлимга айлантирмоқда эди!

Гретта устида кўплаб ёзув қуроллари сакраётган ёзув столи тагига беркиниб олганди. Биринчи бўлиб сиёҳдон қулаб, полда тўқ бинафша доғ пайдо бўлди. Унинг ортидан соат полга урилди. Мили эса отилиб гиламчалар қатига тушди, олишнинг иложи йўқ.

– Майн Гот! – дея, йўлакда ярадор ота бақирди.

– Фатер!- Гретта бақираётган ярадор томон ташланмоқчи эди, лекин шу пайт навбатдаги снаряд олмонларнинг тиббий ротаси жойлашган жонлантириш бўлимига тушиб, бино томини бузиб юборди. Деворлар қулади. Армия томонидан қўлга олинган ҳудуддаги ўрнатилган техника ва Оврупа пуллари билан қўллаб-қувватланаётган олмон тартиби рус заминининг қаҳридан картондан ясалган омонат уйга ўхшаб вайрон бўларди.

Замин бундай тартибни ҳам қабул қила олмасди. Греттанинг отасини ҳам, Греттанинг ўзини ҳам. Қизалоқ қалтироқ тутганидан тўхтаб қолган соатни ушлаб олди, саодатли ғалаба дамларини қутқариб қолиши мумкиндай, бағрига босди. Атрофга қулоқ тутди – қаёқда? Фақат уввос ва гумбурлаш. Гумбурлаш ва уввос. Онасининг ногоҳонда юқумли касаллик туфайли вафотидан сўнг у отасига боғланиб қолганди, яхши ҳамшира бўлишга ҳаракат қиларди, лекин урушнинг нақадар даҳшатли эканлиги етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.

Яраланган олмонлар жазавага тушиб чўқинишар, тиз чўкиб қулоқларини ёпишар, Совет Иттифоқи ҳудудига қадам босилган кунга лаънат ўқишарди. Уларга қарши махфий қурол ишлатилганди, стволсиз дала реактив артиллерияси – кейинчалик уларни «Катюша» деб номлашганди. Ҳа, фақатгина аёл киши шундай даҳшатли чинқира олади. Худди бахти тортиб олинган алвастидек…

Гретта узоқ вақт стол тагидан чиқмади. У бу даҳшатда ҳеч нарсани тушунмас эди. Икки совет солдати стол ёнига келиб, нималарнидир сўрагандан сўнггина у ҳушини йиғиштира олди.

Найн! Найн!- деб орқасига соатни яширганча, қаршилик кўрсатди.

– Олмон шекилли!- сўради биринчиси иккинчисидан.

– Шунга ўхшаяпти…

Унинг қалтираб ҳиқиллашига қарамай штабга етказдилар. Офицер Кузьминцев телефонда вазиятни тушунтирди. Иссиқ бўлишига қарамай Гретта шундай қалтирардики, тишлари ҳам тақиллаб кетарди. Ўнг пайпоғи туфлисигача тушиб кетаверди. У асабийлашганидан бурмали кўйлагининг этагидан чангни қоқишга уринар, лекин у ёпишганича ташқи қиёфасини бузиб турарди.

– Исминг? Дайн наме?

Гретта. Гретта Вайс.

-Болалар уйига борасанми, қизалоқ? Сен бизни кечир! Сеникилардан ҳеч ким қолмади. Тур, кетдик!

Гретта гапдан кўра кўпроқ «тур» дейилганини ишоралардан тушунди, мени ҳозир отиб ташлашади деб ўйлаб, соатини тукиллаб ураётган кўксига маҳкам босганича, юзини қўлчаси билан беркитиб, итоаткорона ўрнидан турди. Қора лакли туфличаси айбдордай ғичирлади. Бутун баданига титроқ югурди. Оёқлари бўшашди. Чап пайпоғи тепадан пастга қараб қизил рангга бўяла бошланди.

Ий-йа! Аҳмоқлар!? Нима бало, уни зўрладиларингми? Аблаҳлар! Звягинцев! Новоселов! Менга қаранг!

Гретта ҳали ҳам ҳеч нарсани тушунмасди. Нимага офицер солдатларга бунчалар бақираётибди ва ниимага улар ўзлариниини оқлаётибди:

– Биз тегинганимиз йўқ! Ҳеч ҳам! У ҳали сути оғзидан кетмаган-ку! Нима, биз ҳайвонмизми? Йўқ, ўртоқ командир! Ҳеч ҳам!

– Қизчани тиббий бўлимга! Зудлик билан!

Оёқларидан оқаётган шилимшиқ илиқ суюқликни кўриб қолган Гретта “ўлаётсам керак” деб ўйлади. Ҳамширанинг хушмуомалалиги ва олмон тилини билгани унга жудаям қўл келди, у Греттага босиқлик билан бугун балоғатга етганини тушунтирди.

Кейин унга уст-бошини ювиб олишга рухсат беришди. Яна оқ латтачалар туҳфа қилишиб, қонни қандай ювишни, совунлаш, совуқ сувга ивитиб қўйиш ва қайновчи водороддан икки томчи қўшиб қайнатишни ўргатишди. Греттанинг либослари яна оппоқ бўлди. Қизча туфлисини ялтиратиб тозалади, юбкасининг бурмаларини ҳаётнинг ёлғиз маъноси гўё шунда мужассамдек иштиёқ билан текислади.

Ҳужжатларни расмийлаштириш тез битди. Кейин тупроқ йўллардан кетишди. Қўриқчилар. Ва урушнинг бошқа фарзандлари: руслар, олмонлар, украинлар, яҳудийлар, белоруслар, хўрланганлар, бахтсизлар, йиғлаётганлар, ота-онасини йўқотганлар- турфа хил. Уларни у манзилдан бу манзилга элтишарди. Станцияларда жуда кам овқат беришар ёки доғ сув ва нон билан қоринларини қаноатлантиришарди.

Манзил ўзгарди.

Кейин яна бир панагоҳ. Оддий бўш жиҳозсиз хона. Поли ифлосланиб кетган. Гретта толиққанига қарамай, унга ўтирмади. Лакли пойафзали оёғини аёвсиз қисарди. Аслида, туфлиси аллақачон кичкина бўлиб қолган. Аммо, ноилож, пойафзалсиз қололмайди! Болаларни оилаларга тақсимлашди. Лекин олмон қизчани ҳеч ким уйига олишни истамади. Уни мажбуран «тавсия» этишмагунча.

– Оҳ! (Буюк Оллоҳим!) – қўлларини кўкка чўзди Зуҳра,- мен бечорани қайси гуноҳларим учун Оллоҳ жазолади? Мен уни қандай қилиб боқаман? Нима билан? – деб саннар эди тўладан келган, йирик жуссали ўзбек аёли. Аёл, Греттани шалоғи чиққан вайрона марказий кўчадан эргаштириб бораркан, ғазабланган биядай, кетидан чанг-тўзон кўтариларди. Унинг ҳолига ҳамсоялар ҳамдардлик билдириб бош силкитишарди,- Вой-вой! Менинг отам донишманд қули, Абдурашид нима дейди!? Ҳа, шафқат қули, қайнотам Абдураҳмон нима дейди?! Оллоҳнинг қули, акам Абдуллоҳ нима дейди?! Карами кенгим қули, тўнғичим Абдураҳим бунга нима дейди?! Уйимда олмон қизи!

Лойдан тикланган, кўпроқ баракка ўхшаш, қачондир оқланган-у эндиликда кўчиб кетган бурчакларидан сигирнинг қуритилган тезаклари кўриниб турган, иштаҳани очувчи ўзбек нони – обиноннинг ҳиди келаётган уй.

– Фотима! – узоқдан қизини чақирди Зуҳра, уйга яқинлашар экан,- чиқ, мен сенга кимни олиб келаётганимга қара. Опанг бўлади! Ўчоғимиз нури. Исми Гретта.

Уларга абжиргина катта бўлмаган бўйли қизча югуриб чиқди. Унинг оёқлари витамин етишмаганидан озгина қийшиқ эди.

– Гретта? Қўлингдаги нима? – сўради қизча.

Гретта милсиз соатни чўзди.

– Ҳа-а-а,- деди Фотима, – Сен овқат ейсанми?

Гретта яна соатни чўзди. Лекин, Фотима рад этиб бошини чайқади, ахир эркакларнинг бузуқ соатининг унга нима кераги бор? Ўз билганидан қайтмасди:

– Сен ашула айтишни биласанми?

– У олмон, русча, ўзбекчани тушунмайди,- деди Зуҳра, рўмолини тўғирлар экан. Кейин янги қизчасига мурожаат қилар экан, жиддий деди: – Гретта!

– Мен, майне фрау!

– Она, оддийгина она. Қайтар. Она! – гапга аралашди Фотима.

Мен, она!

Сен она эмассан. У она!

– У – она!

– Баракалла,- мақтади қизча, майда ўрилган қора ялтироқ кокилларини бураб. Кўзларида ҳақиқий осиёликларга хос майин жилолар товланди. Яноғида мафтункор кулгичлари пайдо бўлди. Фотима оппоқ тишларини кўрсатиб табассум қилди ва Греттанинг елкачасига маъқуллаб шапатилаб қўйди.

Уй! – сомонли қурилишни кўрсатди у. – Қайтар. Уй!

– Хаус? – қайтадан сўради Гретта.

– Хаос – бу тартибсизлик. Уйда эса одамлар яшайди. Бу уй!

– Гут. Уй!

Зуҳра пойафзалини ечиб ташлади, бу билан уйга мачитга киргандек, наматларнинг устига мусулмонча ялангоёқ кириш кераклигини кўрсатди. Гретта оёқларини қисаётган пойафзалини бажонидил ечиб ташлади.

– Оҳ! Қандай туфличалар! – деди ҳайратини яширолмай Фотима, уларнинг олдига ўтирганича панжалари билан қора лак устидаги чангларни артаркан.

– Дас ист айн гешеньк (бу совға!) – уларни кийиб кўришни таклиф этди Гретта.

Фотима саволомуз онасига қаради. Икковлари ҳам асранди нима деяётганини тушунишганди.

Зуҳра сочиқни ҳўллади. Фотиманинг буғдойранг оёқларини артиб, чет эл янги пойафзалини кийиб кўришга ижозат берди.

Лакли туфлича озроқ катталик қилди.

Лекин қизча янги пойафзалга бирам хурсанд бўлдики, унда мактабга боришга уялмасди, хурсандлигидан Греттанинг яноғидан ўпиб, бағрига босди.

– Ўлчаб кўр! – ўзининг эски, унча баланд бўлмаган пошнали туфлисини унинг олдига қўйди Зуҳра,- Демак, сеники бўлади.

Гретта хушбахтона иккала оёқларини эски кийилган, янги бўлмаса ҳам, лекин юмшоққина бўлган пойафзалга тиқди. У ҳам жилмайиб деди:

– Данке!

Зуҳра малласоч олмон қизчасига шимол жилосидек нақшга бўялган миллий атласдан тикилган кўйлакни узатди, ноннинг бир қисмини синдириб, пиёлага чой қуйди ва тарбиясини жиддий давом эттирди:

– Кто келди (пришёл), тот (остался) қолди. Сенинг олмонлигингни яхшиси, айтмаймиз! Олмонча гапирмагин! Қайтар! Айтмагин!

– Не говорить!

– Да. Не говорить. По русски,- узбекски можно. Повтори. Можно.

Можно.

– Тасанно. Қани? Хуш келибсан! Жойлашавер! – Зуҳра қўли кенг ёзиб ҳовли, боғ ва қурилишларни кўрсатиб,- нима бор бўлса, шу билан қабул қиламиз. Сени Оллоҳ жўнатди бизга, Ойимгул, унинг иродасини ҳурмат қилмаслик гуноҳ.

Гулдор кўйлакдаги холанинг айтганларини Гретта ўзи учун аранг сингдирарди. Тушликдан сўнг ҳовлини синчковлик билан кўздан кечириб чиқди, ерда: барглар, шохчалар ва латта-путталар, кир пақирлар, атрофлари ёрилган эман дарахтидан қилинган тоғорага уйитилган кийимлар тўдаси…

У қулликка тушиб қолдим деган фикрга келди, демак берилган нонни ишлаб беришим керак. У супургини муътелик билан олиб, Фотимадан сўради:

– Мен?

– Ол,- ижозат берди у.

Ҳовлини йиғиштириш катта қийинчилик туғдирмади. Ва шундан сўнг тоғорада ивитилган кирларни ювишни бошлади.

Зуҳра ҳовлига қараб, бу ҳолатни кузатаркан ва қувончдан порлаган кўзларини унга тикди:

– Воҳ!

Бир ойдан сўнг Гретта рус ва ўзбек тилини тушуна бошлади. Қизлар тезликда дўстлашиб кетишди. Фотима ҳафтада бир маротаба Греттанинг фариштаникидек малла пахмоқ сочларини ўзбекча қилиб майдалаб ўриб, боши қизиб кетмаслиги учун тепасига дўппичани қўйиб, қошини кўмир билан чизиб қўярди. Гретта унга: «Воҳ! Ойимгул!» деб ўзбекча миннатдорчилик билдирар эди.

Ҳар куни Зуҳранинг онасининг ҳаракатларини такрорлар, рўзғорнинг қора ишларига бажонидил киришиб кетарди. Ўзбекча палов пиширишни ва очиқ оловдаги ялпоқ кенг товада нон ёпишни ўрганди. Уларнинг пахса кулбаси кўз ўнгида ўзгара бошлади.

Яна қизлар биргаликда анҳорга чўмилишга боришарди. Биргаликда майда тароқ билан оппоқ сочиқни ёйганча сочларини тарашарди. Кузда эса мактабга боришди.

– Мен олмончани ўқимайман!- деб Мансур, Фотиманинг дўсти ва қўшниси,- Менинг отамни фашистлар ўлдирган! Сен нима бақрайиб турибсан, фашист шўртумшуғи? – айбдор Греттага ўгирилиб бақирарди бола,- Ўйлаяпсанки, кўз-қошингни бўяб олсанг, шунга мен сени ҳурмат қилишни бошлармидим? Нима, ўзингнинг юртингда ёмонмиди, малласоч чўчқа? Бизникида нима бор?

Фотима Гретта билан Мансурнинг орасида ердан ўсиб чиққандек пайдо бўлди:

– Яна бир марта менинг опамни мазах қилсанг, тишлаб оламан! – гўё илондек вишиллади у.

Болаларни ажратиб қўйишди. Аммо фронтдаги аҳвол ҳақидаги болалар ўртасидаги мулоқотдан сўнг ҳолат яна таранглашарди. Ўзбек қишлоғига қора хатлар кетма-кет келарди. Зуҳра бутун вужуди билан асранди қизига боғланиб борарди. Оғир ишларни унга юкламасликка ҳаракат қила бошлади. Фотимадан кўра унга юмшоқроқ муомалада бўларди, Фотимани эса вақти келганда сочидан тортиб, ҳақорат қилиши мумкин эди.

– Дин – халқ учун заҳар! Худо йўқ. Оллоҳ йўқ! – ёзинглар, буни Ленин айтган, – такрорларди ўқитувчи.

Гретта ҳеч кимга билдирмай бӯйнидаги хочини ечиб олиб, дафтарига русча ёзди: «Худо йўқ!» немисча ўйланди: «Албатта, ўқитувчи ҳақ, ота-онамни ва Ватанимни ваҳшийларча олиб қўйгандан кейин “Худо йўқ!»

Фотима опасининг ҳаракатини кўрди ва ўзининг ярим ойини ечиб олди. Рус тили ўқитувчисининг сўзларини дафтарига тушириб, ўзбекча ўйланди: «Ҳатто Гретта крестини ечди! Оллоҳ ростдан ҳам йўқ, ерни қурғоқчиликка маҳкум этди, урушга энг зўр эркакларни олиб кетди ва халқларни бир-бирига тўқнаштирди! Ҳатто инсон бунчалар ваҳшийликка бормасди. Онамга, менга, Греттага, Мансур дўстимга бунчалар азоб чекишга йўл қўймаган бўларди, агар бўлганида?»

Якшанба кунларининг бирида Зуҳра Греттани ташландиқ боғларга судраб олиб борди. У ерда бир вақтлар босмачилар яшаган. Уларни қулоқ қилиб юборишгач, боғлари эса қаровсиз қолганди. Ҳаво иссиқ, йӯл эса олис эди. Қизлар ўзи билан анжир учун саватчалар олишганди. Девор ошиб боққа ўтишиб, пишиб етилган меваларни шохлардан тера бошлашди. Меваларни қоқиш учун, Фотима дарахтга чиқиб, уни силкита бошлади. Ерга тушиб эзилмаслиги учун Гретта уларни чаққонлик билан тўсиб оларди. Бузуқ девор ортидан бир пайт ҳуштак товуши эшитилди. Беш – олтита ялангоёқ, қоп-қора турли ёшдаги болалар, афтидан улар ҳам бу жойни кўзлаб келишганди.

– А-ҳа! Ўғрилар, қўлга тушдиларингми! Ҳозир сочларингни битталаб юламиз! – болалар Греттани ўраб олишиб турта ташлашди ва у ўзини йўқотиб тиканли бута устига йиқилиб тушди. Дўпписи учиб кетди. Кокиллари қуёш нурларидек елкасига сочилиб, шохчаларга илашиб қолди. Дарахтдан сакраб тушган Фотима жаҳлдан бўғриқиб кетди: – Менинг опамга тегма! Каллангга соламан! – акациянинг тиканли шохчасини олиб, шахд билан ўсмирларни қувиб солди, опасини тузоқдан қутқариб, саватларини қўлга олишди. Болалар ўзига келмасдан ўлжаларини қутқариб, жуфтакни ростлаб қолишди.

Урушнинг очлик дамлари тугаб, тинчликнинг очлик даври бошланди. Қизлар ўқиш учун Тошкентга жўнашди.

– Оҳ! Мен бунга қандай тоқат қиламан? – деб, йўлда егулик учун олма берар экан, жаврарди Зуҳра.

Фотима муаллимликка базўр, Гретта эса шифокорликка аълога ўқирди. Лекин иккаласи ҳам давлат стипендиясини олишарди. Умумий ётоқхонада зўрға кун кўришар, Фотима бозорда, Гретта ҳамшира бўлиб касалхонада ишлаб пул топишарди,

Ўшандан кейин уларнинг йўллари айри тушди. Лекин таътилга у ўзининг уйидек бўлиб қолган ўзбек қишлоғига келарди. Энди Греттани русча Рита деб чақиришарди.

– Воҳ! – дея хурсанд бўлиб қичқирарди Зуҳра буви, узоқдан мовий кўзли, енгил қадамли қизини кўриб.

-Азизам, бу либосларни менга нега олдинг? Меҳрибон ойимгулим! Қарилигимда хотиржам яшашим Оллоҳ сени менга етказди!

“Буғдойранг Зуҳранинг бу қизи бунчалар оппоқ” – дея одамлар ҳайрон қолишарди. Фотима опасининг келганини эшитса, ҳамма ишини ташлаб, онасиникига шошиларди. Улар бирга ашула айтишарди. Юлдузли кечаларда кўҳна чинорлар тагида ўзбек қўшиқларини бирга куйлашарди.

Зуҳранинг баланд тоғлар қўйнида қайнотаси Абдурашид бобонинг қўйларни боқиб юргани ҳақида, яқинда Абдураҳмон қайнотаси ажойиб сариқ ва ёғли пишлоқ олиб келгани, Абдулло тоғанинг бозорда савдоси қандай бўлаётгани, Зуҳранинг келини, Абдураҳимнинг хотини нега Бишкеклик неварасининг фарзанди Лайлонинг туғилгани билан табрикламай ранжитгани ҳақидаги ҳикояларини тинглашар эди!

Кейин эса иккаласи Фотима ва Гретта, Зуҳра онанинг жанозасига келишди, жанозага келган қариндошлар марҳум оналари ҳақида илиқ сўзларни гапиришди.

Фотима қишлоқда қолиб, ўқитувчи бўлиб ишлайверди. Гретта эса Москвага кетди. Уларнинг бир-бирларига рус тилида мактуб жўнатишлари камайиб борди. Иккаласи ҳам оила қуришди. Фарзандлар кўришди, неварали бўлишди. Оила, фарзандлар ва неваралар муаммоси бошланди. Йиллар оқар сувдек ўтиб кетди. Фотима узун қора сочларини майдалаб ўриб олганича орқасига тугун қилиб юрарди. Гретта эса тиббий қалпоқни кийиш осон бўлиши учун сочини ўғил болача қилиб қийиб ташлади. Лекин бир – бирларидан узоқда бўлса ҳам, уруш пайтида бир оила бўлган опа-сингиллар қалбан шўх қизлар бўлиб қолаверишди.

***

Орадан кўп йиллар ўтди. Замон ӯзгарди. Қайта қуриш даври бошланиб, мамлакатлар ӯртасидаги темир чегаралар очилди. Қудратли Совет империяси қулади. Ӯзбекистон ҳам мустақил бӯлди. Энди Москва ва Русия унга хӯжайинлик қилмасди.

Гретта Вайс фурсатни бой бермай, Кленда истиқомат қилаётган ўз бувиси ва бобосини топди. Фотима эса, бечора муалллима Фотима яна ҳам камбағаллашиб қолди, ҳатто анча вақтгача компьютер сотиб олишга ҳам имконияти бўлмади. Ўғиллари Москва вилоятида мардикор бўлиб ишлаб, кун кўришарди. Онда-сонда пул жўнатишарди. Кексайиб қолган Фотима, оиламга ғамхўрлик қиламан деб, зўр бериб ишларди. Ниҳоят, неварасига компьютер олиб берди. Набираси интернет билан ишлашни бошлагач, хурсанд бўлиб буюрди:

– Қани, бўл, Греттани, менинг Греттамни изла! Гретта Вайсни. У Клёнда яшаётган бўлиши керак.

– Буви, мана сизнинг Греттангиз, – жавоб берди зийрак невараси -Шу аёлми?

– Худди ўзи! – мониторга ёпишганича, кўзларини тикди Фотима. Тутинган опа-сингиллар скайп орқали унча кўп суҳбатлашишмади.

– Мен, келгин деяпман. Тамоман келгин, чақирувни мен расмийлаштираман,- таъкидларди Гретта. У аллақачон рус тилини ҳам, ўзбек тилини ҳам унутаёзган, рус ва ўзбек тилларини аралаштириб сўзларди. Опасининг кўчиб келиши учун минглаб тўғри ва асосли далилларни келтирарди. Ниҳоят, Фотима ўсмирлигида Тошкентда кўтариб юрган жомадонини олиб ўғрилар ҳам очолмайдиган этиб пишиқлаб таъмирлади. Жомадонга Гретта учун тоғ асали, ўзбек қазиси, ёғлик қатлама-патирларни яхшилаб жойлади. Синглиси ва ўзи учун болалигидан азиз ва қадрли хотира бўлган милсиз соатни алоҳида меҳр билан жойлади. Болаликдаги суратларини эса синглиси учун олган хитой матосидан тикилган бир жуфт миллий кўйлаклар ичига солиб қўйди.

Поезд бутун Россия ва Оврупа бўйлаб тақиллаганча Фотимани кўзлаган манзилига элтиб бормоқда эди.

– Ё Оллоҳ! – нола қиларди ўзбек аёли, қаттиқ нонни ширин чойга ботириб тилло тишлари билан чайнаркан. Қора офтобда куйган бўйнидаги нуқрадан қилинган мусулмонча ярим ойни ўйнатиб: – Мен Олмонга, фашизм юртига кетяпман! Агар эшитиб қолса, доном қули, менинг раҳматли Абдурашид бобом нима деркин!? Меҳрибоним қули, менинг бошқа бобом Абдураҳмон нима деркин?! Оллоҳнинг қули, Абдулло тоғам нима деркин?! Бунга менинг акам Абдураҳим нима деркин- меҳрибоним қули?! Ё Оллоҳ, мен Олмонга кетяпман!

Меҳмондўст шаҳар Клён поездларни шошилмасдан, ўз вақтида кутиб оларди. Синглисини тезроқ кўриш учун ҳаяжондан юзлари қизариб кетган Фотима, пишиллаб ва туртилиб перронга тезроқ чиқишга шошарди.

Шиша ва бетондан бўлган гумбазли ҳашаматли замонавий вокзал биноси ортидан афсонавий Клён собори кўриниб турарди. Поездни кутиб олаётган олмонлар, атрофга аланглаётган, аравада эмас, қӯлида эскириб кетган чарм ва сим тасма билан чирмаб ташланган эски жомадонини судраб бораётган, оёқлари сал маймоқ, офтобдан қорайиб куйган гулдор рўмолли осиёлик аёлни кўриб ҳайрон боқишарди. Бутун Олмония бўйлаб бундай камбағал ва жулдур кийимли аёл топилмаса керак!

Орадаги масофа узоқ бўлишига қарамай Фотима тутинган синглисини юришидан таниди. Гретта муҳаббатга ва ёшга тўла мовий кўзлари билан, йўлни кесиб оломон орасидан эпчиллик билан ўтиб, жуда ҳам тез келарди. Унинг бор кўриниши Фотимага: «Энди сен уйингдасан! Энди ҳаммаси яхши бўлади! Сен қийинчилик ва муаммоларингни унутасан. Ажинларга кўмилган сенинг зебо кулгичларинг, ёшлигингдагидек яна беташвиш кула бошлайди! Сен уйингдасан!» – деяётгандек эди.

Гретта Вайс хоним Оврупанинг ўрта ёшли аёлларидек энг охирги модада кийинган бўлиб, хушбичим қоматига олди чуқур қирқилган сутранг либос ярашиб турар, бўйнидаги католик тилло хочи ҳам ҳуснига кўрк қўшиб турарди. Оч рангли товланаётган сочлари дид билан қирқилган, рангин тирноқлари пухта орасталанган эди. Келишган оёқчаларида- табиий оқ чармдан қилинган туфлича билан Фотима томон чаққон юриб келарди.

Соғинишган опа-сингиллар бир-бирлари томон ошиқишди, атрофдаги одамларга аҳамият ҳам бермай, майдон ўртасида бир зум тик туриб қолишди. Фотиманинг қўллари қувончдан ёйилиб кетиб, қўлидаги жомадон ерга тап этиб тушиб боғлари узилиб кетди. Ялтираб турган ерга милсиз соат жаранглаб урилди. Мозорбости қазилар ғилдиракдек ҳар тарафга думалаб кетди. Лекин опа-сингиллар буни кўришмасди. Ранги бир-бирига ўхшамаган опа – сингиллар атрофдагиларни лол қолдириб, худди саҳнада рол ўйнаётгандек, бир маромда қўлларини осмонга чўзиб, бараварига қичқириб юборишди:

– Воҳ! Ойим гулим!



Hasan Xolmirza Goyib
www.kafiye.net


Görüntünün olası içeriği: Светлана Савицкая, yazı


Görüntünün olası içeriği: 2 kişi